Ўзбекистон бош консулхонаси Россиядаги ўзбекистонликларни қуролли кучлар сафига кирмасликка чақирди

O‘zbekiston

Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси Россиядаги ватандошларини қуролли кучлар сафига қўшилмасликка ва жанговар ҳаракатларда иштирок этмасликка чақирди, шунингдек, бунинг учун жиноий жавобгарлик ҳақида огоҳлантирди.

Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси Россиядаги ватандошларимизга мурожаат қилиб, хорижий давлатларнинг қуролли кучларига кириш учун жавобгарлик ҳақида огоҳлантирди.

Ўзбекистон Жиноят кодексининг 154-моддасига кўра, ёлланиш, яъни низолашаётган мамлакатнинг фуқароси ёки ҳарбий хизматчиси бўлмаган ёки низолашаётган томон назорат қилаётган ҳудудда доимий яшамайдиган шахснинг хорижий давлат ҳудудида ёки томонида қуролли тўқнашувда ёки ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиши ёки ҳеч бир давлат томонидан қуролли кучлар таркибида расмий мажбуриятларни бажариш ваколатига эга бўлмаган шахс моддий рағбатлантириш ёки бошқа шахсий манфаатлар олиш мақсадида 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Жиноят кодексининг 154−1 моддасига кўра, Ўзбекистон фуқаросининг хорижий давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кириши базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 бараваригача (9 млн сўм) миқдорда жарима ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, ёллашда эса 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

«Шунга кўра, хорижий давлатларда истиқомат қилаётган ватандошларимизни қуролли кучлар сафига қўшилмасликка, жанговар ҳаракатларда иштирок этмасликка чақирамиз ва бундай ҳаракатлар жиноий жавобгарликка сабаб бўлишини яна бир бор огоҳлантирамиз», — дейилади хабарда.

Mavzuga oid materiallar