Президент оилада болаларга нисбатан зўравонлик учун жавобгарлик жорий этилишини маъқуллади

O‘zbekiston

Шавкат Мирзиёев оилада болаларга нисбатан зўравонлик учун жавобгарлик киритишга оид ўзгартиришларни маъқуллади. Шунингдек, маиший зўравонлик билан боғлиқ ишлар бўйича ярашув тўғрисидаги аризани суриштирув ва дастлабки тергов босқичида эмас, балки суд муҳокамаси босқичида бериш тартиби жорий этилмоқда.

Ўзбекистон президенти оилавий-маиший зўравонликдан ҳимоя чораларини кучайтиришга оид тузатишларни маъқуллади, деб хабар қилди Адлия вазирлиги матбуот хизмати.

Ҳужжатга кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 59−2-моддаси ва Жиноят кодексининг 126−1-моддаси болага нисбатан оилавий (маиший) зўравонлик содир этганлик учун жавобгарликни белгиловчи норма билан тўлдирилмоқда.

Бундан ташқари, оилавий (маиший) зўравонлик билан боғлиқ ишлар бўйича ярашув тўғрисидаги аризани суриштирув ва дастлабки тергов босқичида эмас, балки суд муҳокамаси босқичида бериш тартиби жорий этилмоқда.

Яъни оилавий (маиший) зўравонлик билан боғлиқ ишлар бўйича ярашув тўғрисидаги ариза суд муҳокамасининг ҳар қандай босқичида, лекин суд маслаҳат хонасига кирмасдан олдин берилиши мумкинлиги белгиланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил 11 апрелда президент аёллар ва болаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликка ўзгартиришлар киритган эди, улар, шу жумладан, оиладаги зўравонликни жиноий жавобгарликка тортган, шунингдек, жинсий шилқимлик учун санкциялар киритган эди.

Muhim yangiliklarni oʻtkazib yubormang!

Asosiy voqealardan birinchi boʻlib xabar topish uchun Telegram kanalimizga obuna boʻling.