Ўзбекистон Президенти Яқин Шарқда зудлик билан ўт очишни тўхтатишга чақирди

O‘zbekiston

Шавкат Мирзиёев «БРИКС плюс» саммитида тинч аҳоли, айниқса, болаларнинг бегуноҳ қурбон бўлишини қоралади ва Исроил-Фаластин можаросини тинч йўл билан ҳал қилишни қўллаб-қувватлади.

Фото: Пресс-служба президента

Президент Шавкат Мирзиёев «БРИКС плюс» саммитидаги нутқида глобал муаммоларни ҳал этиш ва жаҳон ҳамжамияти бўлинишининг олдини олиш учун конструктив мулоқот муҳимлигини таъкидлади.

Мирзиёев, шунингдек, ҳозирги можаролар ва урушлар катта азоб-уқубатлар келтириши, жаҳон иқтисодиётининг парчаланиши тенгсизликни кучайтириши ва мамлакатлар ўртасида янги тўсиқлар яратишини таъкидлади.

Мирзиёев тенг ҳуқуқлилик, суверенитетни ҳурмат қилиш ва блокдан ташқарилик тамойилларига асосланган БРИКС бирлашмасининг БМТнинг марказий ролини сақлаб қолган ҳолда адолатли дунё тартибини шакллантириш учун ишончли платформа сифатидаги ролини алоҳида таъкидлади. Президент халқаро терроризм ва ёшларнинг радикаллашувига қарши курашиш муҳимлигига эътибор қаратиб, геосиёсий рақобат ва мафкуравий зиддиятлардан холи глобал муроса зарурлигини ҳам қўллаб-қувватлади.

«Яқин Шарқдаги тобора кескинлашиб бораётган можаро бизни ҳам ташвишга солмоқда. Бу минтақа қўшни мамлакатлар ва йирик давлатларнинг бу можарога тортилиши билан глобал инқирознинг йирик ўчоғига айланиб бормоқда. Биз Ғазо ва Ливандаги мисли кўрилмаган гуманитар фожиани қалбимиздаги оғриқ ҳисси билан қабул қиляпмиз. Тинч аҳоли, айниқса, болаларнинг бегуноҳ қурбон бўлишини ҳеч қандай сиёсий мақсадлар оқлай олмайди. Бугунги кунда ўт очишни зудлик билан тўхтатиш ва жабрланганларга шошилинч ёрдам кўрсатиш кечиктириб бўлмайдиган вазифалардир», — деди Мирзиёев.

Президент Исроил-Фаластин муаммосининг ягона ечими «икки халқ учун икки давлат» тамойили асосида можарони тинч йўл билан ҳал этиш эканини таъкидлади.

Mavzuga oid materiallar