Рақобат қўмитаси бир нечта телеканалларни «Реклама тўғрисида»ги қонунни бузгани учун огоҳлантиргани ҳақида идора матбуот хизмати хабар берди.
Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари айрим каналларнинг эфиридаги реклама материаллари ҳажми трансляция вақтидан ошиб кетганига бир неча бор эътибор қаратишган.
Қўмита Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан биргаликда вазиятни ўрганиб чиқди.
Таҳлиллар натижасида учта телеканал эфирида максимал реклама ҳажмига қўйиладиган талаблар бузилгани аниқланди. Апрель-июль ойларида Амударё, FTV ва Мулоқот ҳудудий каналлари белгиланган меъёрдан ошиб кетган.
Қўмитанинг махсус комиссияси уларга нисбатан «Реклама тўғрисида»ги қонун бузилганлиги бўйича иш қўзғатди. Каналлар раҳбариятига қоидабузарликларни бартараф этиш ва келгусида уларга йўл қўймаслик талаби билан кўрсатмалар юборилди.
«Реклама тўғрисида»ги қонунга кўра, телевидениеда реклама материалларини бир соат давомида намойиш этиш 20 фоизгача (12 дақиқа) вақтни эгаллаши мумкин, бунда 10 дақиқагача давом этадиган кўрсатувлар реклама учун тўхтатилмаслиги керак. Бир суткада реклама умумий эфир вақтининг 15 фоизидан (3 соат 36 дақиқа) ошмаслиги лозим.