Халқаро молия ташкилотлари ҳисобидан амалга оширилаётган баъзи лойиҳаларнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилмагани ва тендер ўтказилмаганлиги учун маблағлар ишлатилмай қолмоқда.
Давлат кафолати остида маблағ жалб қилинган айрим лойиҳаларда кечикиш, қўшиб ёзиш ва маблағларни талон-торож қилиш ҳолатлари ҳам бор, — деди президент.
Мутасаддиларга халқаро молия институтлари билан ишлаш тизимини тубдан ўзгартириш бўйича қарор лойиҳасини киритиш топширилди.
Бунда лойиҳалар танлашдан олдин жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилади, техник-иқтисодий асослар молия институтлари стандартлари билан уйғунлаштирилади, тендер жараёнлари тўлиқ рақамлаштирилади ва таклифларни баҳолаш муддати 1 ойдан оширилмайди, молия институтлари билан ишлайдиган мутахассислар учун ўқув курслари ташкил этилади. Шунингдек, хусусий шерикликни ривожлантириш, хориждаги ташкилотлардан грантлар жалб қилишни фаоллаштириш, шу жумладан элчиларнинг бу борадаги фаоллиги ва масъулиятини ошириш зарурлиги қайд этилди.