«Seamo Х 2024» — бу Жанубий-Шарқий Осиё халқаро математика олимпиадаси бўлиб, унда дунё бўйлаб 1–11 синф ўқувчилари қатнашиш ҳуқуқига эга. Жануби-Шарқий Осиё математика олимпиадасига Сингапурнинг Терри Чев академияси томонидан асос солинган.
Ушбу нуфузли халқаро олимпиадада Австралия, АҚШ, Сингапур, Индонезия, Япония, Хитой, Ўзбекистон ва бошқа мамлакатлар ўқувчилари фаол иштирок этиб келмоқда.
Мазкур халқаро билимлар беллашуви миллий ва халқаро босқичдан иборат. Миллий босқич ҳар йили октябрь ойида ўтказилади. Халқаро босқич эса миллий босқичнинг натижалари эълон қилингандан сўнг ҳар йили январь ойида ташкил этилади.
Олимпиадада Ўзбекистондан 31 нафар ўқувчи қатнашди. Қувонарлиси, беш нафар вакил Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилиб, совриндорлар қаторидан ўрин эгаллади.
Жумладан, Муҳаммад Олимбоев кумуш, Асилбек Қаххоров, Миродил Мирзавалиев, Жавохирбек Акрамжонов ва Жаҳонгир Қиличев бронза медалларини қўлга киритди.