Давлат ташрифининг ишбилармонлик дастури доирасида Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Шэньчжэнь шаҳрида Хитойнинг етакчи BYD компанияси бош қароргоҳи ва технологиялар марказига ташриф буюрди.
Ушбу компания замонавий инновацион автомобиллар ва янги авлод аккумулятор батареяларини ишлаб чиқариш соҳасида глобал пешқадамдир.
Ташриф чоғида компания ютуқларига бағишланган кўргазма, автомобиллар ва бошқа турдаги техникаларнинг ишлаб чиқарилаётган ва истиқболли моделлари, компаниянинг янги технологиялари ва илғор ишланмалари намойиши бўлиб ўтди.
Давлат раҳбари компания президенти Ван Чуаньфу билан бирга Жиззах вилоятида йилига 50 минг дона гибрид ва электр автомобилларни йиғиш бўйича лойиҳани ишга туширишга бағишланган тантанали маросимда иштирок этди.
Президент яқин истиқболда бозордаги талабдан келиб чиқиб моделлар қаторини кенгайтириш ва ишлаб чиқариш қувватини йилига 300 минг донагача ошириш зарурлигини кўрсатиб ўтди.
Шунингдек, компаниянинг Ўзбекистонда BYD электр автобусларини йиғишни йўлга қўйиш, эҳтиёт қисмларини маҳаллийлаштириш ва муҳандислик-сервис марказларини ташкил этиш борасидаги режалари қўллаб-қувватланди.
Ташриф чоғида компания Ўзбекистонга 10 мингинчи автомобилини етказиб берганининг рамзи сифатида давлат раҳбарига YANGWANG U8 автомобили ҳадя қилинди.
Мирзиёевга BYDʼнинг янги автомобили совға қилинди
Шавкат Мирзиёев Шэньчжэнь шаҳрида BYD компанияси бош қароргоҳи ва технологиялар марказига ташриф буюрди. Президентга YANGWANG U8 автомобили совға қилинди.