Шавкат Мирзиёев кейинги йилларда Ўзбекистон ва Беларус ўртасидаги кўп қиррали муносабатлар сифат жиҳатидан янги, янада юқори босқичга кўтарилганини алоҳида таъкидлади. Томонлар халқаро тузилмалар, шу жумладан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, МДҲ, ШҲТ доирасидаги сиёсий мулоқот ва ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттиришга аҳдлашиб олди.
Ҳукуматлар олдига ушбу кўрсаткични яқин йилларда $1 млрд зиёдга етказиш вазифаси қўйилди. Шу мақсадда қўшма ташқи савдо компаниясини ташкил этиш, экспорт-импорт етказиб беришни қўллаб-қувватлаш механизмлари ва маҳсулотларни сертификатлаштириш электрон тизимини жорий қилиш бўйича келишувга эришилди.
Бундан ташқари, томонлар юк ташиш учун қулай шароит яратиш, халқаро автомобилда ташувчиларни тайёрлаш, Жанубий Осиёнинг катта бозорларига элтувчи мультимодал коридорлардан самарали фойдаланишга келишиб олди.
Музокараларда давлат раҳбарлари кооперациянинг устувор йўналишларини белгилаб берди. Булар — қишлоқ хўжалиги, енгил, озиқ-овқат ва электротехника саноати, фармацевтика, шаҳарсозлик, коммуникациялар ва бошқалар. Барча йўналишлар бўйича алоҳида ишчи гуруҳларни шакллантиришга келишиб олинди.
Томонлар фаол маданий-гуманитар алмашинувни давом эттиришга келишиб олди. Олий ва профессионал таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт ва туризм соҳаларида шерикликни ривожлантириш дастурлари қабул қилинади.
Учрашувлар якунида қабул қилинган қарорлар ва имзоланган келишувларни амалга ошириш бўйича қўшма «йўл харитаси»ни тайёрлаш ва қабул қилиш бўйича келишувга эришилди.