Тошкентнинг Чилонзор туманида ўтказилган тезкор тадбирда, Тошкент шаҳрида яшовчи, 1979, 1999 ва 2001 йилларда туғилган 3 нафар шахс ўзаро тил бириктириб, 6 нафар фуқарога виза ҳужжатларини олиб бериш ҳамда Европа орқали Америка Қўшма Штатларига ишга юбориш эвазига $32 минг олган вақтида ушланди.
Терговга қадар текширув давомида юқоридаги шахслардан бири ушбу мақсадда муқаддам $3 900 олгани ҳам маълум бўлди.
Бухоро шаҳрида кузатилган ҳолатда эса 1997 й.т., муқаддам 3 маротаба судланган шахс алдов йўли 32 ёшли ҳамшаҳарининг ишончига кириб, унга Америка Қўшма Штатлари элчихонасидан тегишли виза олиб, океан ортига ишга юбориш эвазига $40 минг талаб қилади.
Қайд этилишича, у сўралган пул маблағидан $30 минг олдиндан олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.
Давлат хавфсизлик хизматининг Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ҳам вилоят ИИБ ҳамда ИЖҚКД билан ҳамкорликда тезкор тадбирлар ўтказилди. Жумладан, Самарқанд вилоятида яшовчи, 1989 ва 1995 йилларда туғилган 2 нафар шахс ўзаро келишган ҳолда, Самарқанд туманида истиқомат қилувчи фуқарони «Ўзбекистон-Туркия-Португалия-Гватемала-Мексика-АҚШ» йўналиши орқали Қўшма Штатларга ишга юбориш эвазига $23 минг талаб қилишиб, олдиндан $10 минг олган вақтларида ушланди.
Бошқа ҳолатда эса Самарқанд шаҳрида яшовчи, 1983 й.т. шахс Самарқанд туманида истиқомат қилувчи фуқарони «Ўзбекистон-Туркия-Испания-Гондурас-Мексика-АҚШ» йўналиши орқали Қўшма Штатларга ишга юбориш эвазига $18 минг талаб қилиб, олдиндан $10 минг олган вақтида ушланди.
Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳудудларда фуқароларни АҚШга юборишга ваъда берган фирибгарлар қўлга олинди
ДХХ ходимлари ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан биргаликда фуқароларни бир неча давлатлар орқали АҚШга жўнатишни ваъда қилган фирибгарларни қўлга олди. Операция Тошкент шаҳри ва Самарқанд вилоятида ўтказилди.