Бахтиёр Саидов Кобулда Афғонистон муваққат ҳукуматининг бир қанча мансабдор шахслари — бош вазир в.б. Мулла Муҳаммад Ҳасан Охунд, бош вазир ўринбосари в.б. Мавлавий Абдул Салом Ҳанафий, бош вазир ўринбосари в.б. Мулла Абдул Ғани Бародар, ташқи ишлар вазирлиги в.б. Мавлавий Амир Хон Муттақий , ички ишлар вазири в.б. Халифа Сирожиддин Ҳаққоний, савдо ва саноат вазири в.б. Нуриддин Азизий билан учрашувлар ўтказган.
Учрашувларда «икки томонлама ҳамкорликнинг кенг кўламли масалалари» муҳокама қилинди. Вазир Ўзбекистон–Афғонистон ҳамкорлигининг бир қанча йўналишларини маълум қилди.
«Бизни бой ва муштарак тарихимиз, умумий анъаналаримиз ва келажагимиз бирлаштиради. Биргаликда амалга оширишимиз мумкин бўлган кўплаб имкониятлар мавжуд», — деди ТИВ раҳбари.
Икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида самарали ҳамкорлик қилиш учун энг қулай шарт-шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратилди.
Мулла Абдул Ғани Бародар сув хўжалиги ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш масалаларига бағишланган муҳокамада Афғонистон шимолида қурилаётган Қўштепа каналини «узоқ давом этган можаролар ва беқарорлик туфайли тўсқинлик қилаётган афғон халқининг азалий орзуси» деб атади.
У ҳавзадаги бошқа давлатлар сингари Амударёдан ҳам адолатли фойдаланишга чақирар экан, Ислом Амирлиги тикланиши билан канал қурилишида олдинга силжиш бошлангани, қўшни давлатларни хавотирга солмаган ҳолда афғонларнинг ҳуқуқлари таъминланганини таъкидлади.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов канал ва замонавий ирригация тизимларини қуриш лойиҳаси бўйича Ўзбекистонга техник ёрдам таклиф қилди.
Афғонистон ТИВ матбуот хизматининг хабар беришича, вазирлар музокараларида савдо ва транзит масалалари, жумладан, иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида ишбилармонлар ва транспорт ходимларига виза беришни соддалаштириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Мавлавий Амирхон Муттақий Ўзбекистондан импорт қилинадиган электр энергияси тақчиллиги масаласини кўтариб, қишда бу оддий аҳолига ҳам, иқтисодиёт тармоқларига ҳам таъсир қилишини таъкидлади.