Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбитдин Бурхонов Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Очилбой Раматовга йўловчи автобусларидаги газ баллонларини техник синовдан ўтказиш бўйича сенаторлик сўрови юборди, деб хабар қилди парламент юқори палатаси матбуот хизмати.
Қўмитада сўнгги пайтларда ҳукумат томонидан газ баллонлари билан жиҳозланган автотранспорт воситаларидан хавфсиз фойдаланишни таъминлашга қаратилган муайян ишлар амалга оширилаётганини таъкидланди. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11-октабрдаги 815-сон қарори қабул қилингани бу борадаги дастлабки қадамлардан бири бўлди.
«Бироқ мутасадди тузилмаларнинг эътиборсизлиги, масъулларнинг бепарволиги оқибатида инсонларнинг соғлиғи ва ҳаётига жиддий хавф солаётган айрим муаммо ҳамда камчиликлар ҳам сақланиб қолмоқда», — дейилади Сенат қўмитаси хабарида.
Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг юқорида қайд этилган қарорига мувофиқ «JV MAN Auto-Uzbekistan» МЧЖ қўшма корхонасида ишлаб чиқарилган «MAN А 22 CNG» русумли автобусларга истисно тариқасида СТГ-3 русумидаги газ баллонларини ўрнатиш ва улардан фойдаланишга рухсат берилган.
Шунингдек, ушбу қарорда «Ўзавтосаноат» АЖ қошида замонавий юқори технологияли синов лабораториясини ташкил этиш, кейинчалик уларни зарур ускуналар билан жиҳозлаш ва СТГ-3 (LNG-3) русумидаги газ баллонларини синовдан ўтказиш бўйича мутахассислар тайёрлаш, Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигидан аккредитациядан ўтказиш белгиланган.
Ҳукумат қарорининг ушбу талаблари шу кунга қадар ижро этилмади. Оқибатда СТГ-3 русумидаги баллонлар билан жиҳозланган «JV MAN Auto-Uzbekistan» МЧЖ қўшма корхонасида ишлаб чиқарилган 300 дан ортиқ автобусда 2018 йилдан бери техник синовдан ўтказилмаган ҳолда йўловчи ташилмоқда.
«Бу эса минглаб, балки миллионлаб фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига реал хавф туғдирмоқда. Мамлакатимизнинг турли ҳудудларида автобус ва бошқа транспорт воситаларига ўрнатилган газ баллонларининг портлаши билан боғлиқ содир бўлаётган ҳолатлар бунга яққол мисолдир», — деди сенатор.
Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 25 январдаги 28-сон қарорига мувофиқ Хитойда ишлаб чиқарилган СТГ-3 русумли газ баллонлари билан жиҳозланган автобуслар истисно тариқасида харид қилинишига рухсат берилган ва бугунги кунда мамлакатимиз кўчаларида ушбу автобуслар аҳолига хизмат кўрсатмоқда.
Автобусларда инсон саломатлиги ва ҳаёти билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш ҳамда юқорида қайд этилган автобусларга ўрнатилган СТГ-3 русумли газ баллонларини ҳам техник синовдан ўтказиш лозимлигини инобатга олиб, Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбитдин Бурхонов Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Очилбой Раматовга сенатор сўровини юборди.
Сенатор сўровида Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 октябрдаги 815-сонли қарорида белгиланган юқори технологияли синов лабораториясини ташкил этиш ва СТГ-3 (LNG-3) русумидаги газ баллонларини синовдан ўтказиш бўйича мутахассислар тайёрлаш, шунингдек, Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигидан аккредитациядан ўтказиш бўйича вазифанинг ижроси нима учун таъминланмагани ҳамда мазкур лабораторияларни ташкил қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар юзасидан тушунтириш бериш сўралган.
Хулосада айтилишича, юборилган сенатор сўровининг жавобини Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида муҳокама қилиш режалаштирилган.