1 апрель куни дефектолог Дилором Жабборова Наманган шаҳрида янги овоз марказини очганди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 27 февраль куни Жабборовага нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган, эксперт ишчи гуруҳи «дефектолог»нинг даволаш усулларида ҳам жисмоний ва руҳий зўравонлик белгиларини аниқлаган. Бундан ташқари, алдаш ва одамларнинг ишончини суиистеъмол қилиш йўли билан ўз хизматларини сотиш ва ўзгалар мулкини эгаллаб олиш белгилари тасдиқланган.
Болалар омбудсмани ахборот хизмати Дилором Жабборова марказ очилишига реклама мақсадида таклиф қилингани ҳақида хабар берди.
Омбудсман идораси маълумотларига кўра, «Овоз академияси» Тошкент вилоятида расман рўйхатдан ўтган, унинг филиали Наманганда ижарага олинган биноларда очилган.
«Ҳозирда жиноят иши тергови давомида Дилором Жабборованинг болалар дудуқланиши муаммосига оид ҳар қандай фаолият билан шуғулланиши тўхтатилган бўлиб, у бундай хизмат кўрсатишни давом эттирмаслик юзасидан тегишли тартибда огоҳлантирилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», — дейилади хабарда.
Сўкиниш ва зўравонлик каби «ноодатий усуллари» билан танилган Дилором Жабборова ўзининг «Овоз академияси» мактабини ёпиб, фаолиятини тўхтатгани ҳақида аввалроқ ёзгандик.