«Ғишткўприк» чегара божхона постида кузатилган тирбандликлар ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Божхона қўмитасининг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ушбу ҳолатга изоҳ берди.
Аввалроқ маълум бўлишича, «Навоий» чегара пости замонавий божхона пости қурилиши муносабати билан вақтинча тўхтатилган эди. Шу сабабдан асосий оқим «Ғишткўприк» чегара божхона постига йўл олди.
«Ғишткўприк» чегара божхона пости орқали бир кунда 30 мингдан 35 минг нафаргача фуқаролар ва мингдан ортиқ автотранспорт воситалари ўтади.
«Фуқаролар оқими ва йўл ҳаракати йил сайин ортиб бораётганини инобатга олиб, мазкур постни кенгайтириш мақсадида реконструкция ишлари олиб борилмоқда. Чегара божхона пости бутунлай замонавий қиёфа касб этади. Реконструкция ишлари жорий йилнинг октябрь ойида якунланиши режалаштирилган», — дейилади бошқармада.