2 май куни Тошкентда Шавкат Мирзиёев иштирокида учинчи халқаро инвестиция форуми бошланди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
Ялпи мажлисда сўзга чиққан Шавкат Мирзиёев форум иштирокчиларини қутлар экан, сўнгги уч йилда мазкур тадбир икки ва кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтириш, энг долзарб масалаларни муҳокама қилиш, илғор ғоя ва ёндашувларни ишлаб чиқишда самарали майдонга айланганини таъкидлади.
«Маълумки, хорижий шериклар билан биргаликда Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон ва Ўзбекистон–Афғонистон–Покистон темир йўлларини қуриш бўйича дастлабки ишлар бошланди. Ушбу стратегик лойиҳалар минтақадаги геоиқтисодий вазиятни бутунлай ўзгартириб, Марказий Осиёни Шимол ва Жануб, Шарқ ва Ғарб билан боғлайдиган глобал транзит марказига айлантиради», — деди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари айни пайтда Тошкент, Бухоро ва Урганч халқаро аэропортларини ривожлантириш ва янгиларини қуриш бўйича салоҳиятли хорижий инвесторлар билан ҳамкорлик лойиҳалари тайёрланаётганини маълум қилди.