15 май куни ижтимоий тармоқларда Тошкентда умумтаълим мактаби ёниб кетгани ҳақида маълумот тарқалди.
ММТВ матбуот хизматининг хабар беришича, соат 14:37 да Мирзо Улуғбек туманидаги 209-сонли умумтаълим мактаби биносининг иккинчи қаватида электр симларида қисқа туташув содир бўлгани сабабли ёнғин келиб чиққан.
«Соат 14:40 да воқеа жойига ўт ўчириш ва қутқарув бригадаси етиб келди. Ёнғин соат 14:45 да тўлиқ ўчирилди», — дейилади хабарда.
Фавқулодда ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган, мактаб биносига ҳам зарар етмаган. Талабалар шу куни (2-сменада) ўқишни давом эттирган.