Эрон президенти Иброҳим Раисий бўлган вертолёт «қаттиқ қўнишни» амалга оширди, дея хабар беради Эрон давлат ахборот агентлиги Тасним. Associated Press агентлиги Эрон давлат телевидениесига ҳавола қилган ҳолда хабар беришича, вертолёт Эроннинг Озарбайжон билан чегарадош Джулфа шаҳри яқинида ва Теҳрондан 600 километр узоқликда қулаган. Бироқ воқеа жойи ҳақида аниқ маълумот йўқ.
Вертолёт бортида Раисидан ташқари яна бир қанча расмий шахслар, жумладан, мамлакат ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиян ва Шарқий Озарбайжон вилояти губернатори Оятуллоҳ Муҳаммад Али ал-Ҳошим ҳам бўлган.
IRNA агентлиги атрофдаги қишлоқлар аҳолисига таяниб, вертолёт Узи қишлоғи яқинидаги ўрмон ҳудудига қулагани ҳақида хабар берди. Ҳудудга 20 дан ортиқ қутқарув гуруҳи юборилган.
«Президент ва яна бир қанча одамлар бир нечта вертолётларда [Озарбайжондан] қайтаётган эди. Вертолётлардан бири ноқулай об-ҳаво ва туман туфайли қаттиқ қўнишга мажбур бўлди. Турли қутқарув гуруҳлари аллақачон минтақага йўл олишмоқда, бироқ ёмон об-ҳаво ва туман туфайли уларга вертолётга етиб бориш учун вақт керак бўлиши мумкин», — деди ички ишлар вазири Аҳмад Воҳидий давлат телевидениесида.
Tasnim давлат агентлигининг даъво қилишича, президентга ҳамроҳлик қилаётган кимдир қутқарувчилар билан боғлана олган. Шу сабабли агентлик қурбонлар йўқлигини тахмин қилди. Ўз навбатида, Mehr агентлиги Эрон президентининг аҳволи яхши ва машинада Табриз шаҳрига кетаётгани ҳақида хабар берди. Тез орада бу хабар ўчирилди.
Эроннинг Fars агентлиги фуқароларни президент Раисий саломатлиги учун дуо қилишга чақирди, деб хабар бермоқда BBC News. «Биз ҳали ҳам умиддамиз, аммо ҳалокат жойидан келаётган маълумотлар жуда хавотирли», — деди Эрон расмийси Reuters агентлигига.
Қизил Ярим Ярим Ой жамияти вакилининг 19 май куни кечқурун маълум қилишича, қидирув гуруҳлари Эрон президентини олиб кетаётган вертолёт қийин қўнган деб тахмин қилинаётган жой яқинида бўлган. Қидирув операцияси қоронғулик ва ёмғир туфайли секинлашди. BBC News аввалроқ вертолётни қидиришда иштирок этган уч нафар қутқарувчи бедарак йўқолганини хабар қилганди, бироқ Қизил Ярим Ой вакили бу маълумот ҳақиқатга тўғри келмаслигини айтди. Ўз навбатида, Тасним агентлигининг хабар беришича, тўртта қутқарув гуруҳи воқеа содир бўлган жойга яқинлашган.
Президент кортежида жами учта вертолёт бўлган. Tasnim хабарига кўра, қолган икки вертолётда Энергетика вазири ҳамда Йўллар ва шаҳарсозлик вазирлиги раҳбари бўлган ва улар манзилига эсон-омон етиб борган.
Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Али Ҳоманаий мамлакат президенти учун дуо ўқишга чақирди. Хаменеи давлат бошқарувида «ҳеч қандай узилишлар» бўлмаслигига ваъда берди.
Ўзбекистон ҳам вазиятга жавоб қайтарди. Республика ТИВ мажбурий қўнишга изоҳ берди ва қидирув ишларида ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.
«Барча йўловчилар тез орада соғ-саломат топилади, деб чин дилдан умид қиламиз. Ўзбекистон томони керак бўлса, эронлик дўстларимизга ёрдам беришга тўлиқ тайёрлигини билдиради», — дейилади ТИВ хабарида.
20 май куни эрталаб, Reuters ахборот агентлиги хабарига кўра, ҳалокат оқибатида Эрон президентининг вертолёти бутунлай ёниб кетган. Бундан ташқари, Эрон президенти вертолётида бўлганларнинг барчаси ҳалок бўлган деб ҳисобланади.
Кейинроқ Эрон Қизил ярим ой жамияти раҳбари Пир Ҳусайн Коливанд Эрон президенти Иброҳим Раисий вертолётидаги барча йўловчилар ҳалок бўлганини тасдиқлади. Мамлакат ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳийян ҳам ўлдирилган.