Тошкент вилоятида Lacetti бетон панжара ичига учиб кириб, ёниб кетди

O‘zbekiston

Тошкент вилоятида Lacetti ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, бетон панжарага бориб урилган, шундан сўнг автомобиль ағдарилиб, ёниб кетган. Ҳодиса оқибатида жабрланганлар йўқ.

Фото: Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ матбуот хизмати

Тошкент вилоятида ЙТҲ содир бўлди, оқибатда Lacetti ёниб кетди. Бу ҳақда вилоят ЙҲХБ матбуот хизмати хабар берди.

ЙТҲ 27 май куни соат 21:45 да Бўстонлиқ тумани ҳудудидан ўтувчи 4Р12 «Бектемир – Чорвоқ» автомобиль йўлининг 67-километрида содир бўлган. Ҳайдовчи бошқарувни йўқотиб, йўл четида жойлашган бетон тўсиққа бориб урилган. Зарба натижасида автомобиль ағдарилиб кетган ва двигатель бўлинмасида ёнғин келиб чиққан.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари тезда ёнғинни ўчиришди. Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган ва ҳалок бўлмаган.

Эслатиб ўтамиз, худди шу куни Тошкент вилоятининг худди шу ҳудудида Гентра русумли автомашинада қисқа туташув содир бўлиб, бутун автомобиль ёниб кетганди. Ижтимоий тармоқларда ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар ҳақида хабарлар пайдо бўлган. Вилоят ички ишлар бошқармаси вазиятга изоҳ берган.

Muhim yangiliklarni oʻtkazib yubormang!

Asosiy voqealardan birinchi boʻlib xabar topish uchun Telegram kanalimizga obuna boʻling.