Шавкат Мирзиёев бизнес вакиллари билан очиқ мулоқот ташкил этиш тўғрисидаги қарорни имзолади.
Бу йил президентнинг тадбиркорлар билан учрашуви Қорақалпоғистонда бўлиб ўтади. Шунингдек, у ерда йирик хорижий инвесторлар иштирокида халқаро бизнес-форум ўтказиш режалаштирилган.
Тадбирлар Савдони ривожлантириш жамғармаси, Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси ва Савдо-саноат палатаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади. Йил охирига қадар «Қорақалпоғистонда бизнес юритинг» дастури доирасида йирик халқаро компаниялар брендларини республикага жалб этиш режалаштирилган.
Тадбиркорлар муаммоларини таҳлил қилиш учун тўққиз йўналиш бўйича иш олиб борувчи эксперт гуруҳлари тузилади:
тадбиркорликни молиявий қўллаб-қувватлаш — кредитлаш, микромолиявий хизматлар, субсидиялар, компенсациялар ва бошқалар;
солиқ тизимини, солиқ сиёсати ва бошқарувини такомиллаштириш, солиқ имтиёзлари масалалари;
ишлаб чиқариш майдонларини таъминлаш, ЭИЗга жойлаштириш, ер ва биноларни ажратиш, қурилишга рухсат бериш;
инфратузилма билан таъминлаш — электр энергияси, газ, сув таъминоти ва канализация, йўл инфратузилмаси;
транспорт ва логистикани қўллаб-қувватлаш, темир йўл, автомобиль ва ҳаво транспорти;
маҳсулотлар бозорини излаш, рақобатни ривожлантириш, электрон бозорлар ва биржаларга кириш;
ташқи иқтисодий фаолият, инвестисияларни жалб қилиш, экспорт-импорт масалалари, божхона имтиёзлари, сертификатлаштириш;
тартибга солишни соддалаштириш, бюрократик тўсиқлар ва талабларни камайтириш, давлат хизматларини кўрсатиш, лицензиялар ва рухсатномалар олишга кўмаклашиш;
ҳуқуқий ҳимояни кучайтириш, хусусий мулкни ҳимоя қилиш, низоларни ва суд-ҳуқуқ масалаларини ҳал этишда ёрдам бериш, коррупцияга қарши курашиш.