Орол денгизи тубида янги ўсимлик турларини экиш бошланди. Экология вазирлиги 600 минг гектарга яқин майдонга экиш ташаббуси билан чиқди ва биринчи марта ноёб Арундо донах ўсимликларини синовдан ўтказди. Экиш жараёни Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти профессори Зиновий Новицкий бошчилигида экиш ишлари олиб борилмоқда.
Ҳозирда ўсимликлар 1 ойлик. Улар қурғоқчиликка чидамли бўлганлиги боис оғир чўл шароитида ҳам 4 метргача ўса олади. Унинг экиш технологияси ноёблиги шундаки, экиш жараёнида кўчатлар ўрнига илдиз куртаклари ўтқазилади.
«Булар Орол денгизининг қуриган туби учун бошқа ҳудудлардан олиб келинган. 1-2 йил ичида Оролнинг барча ҳудудларидА Арундо донах ўсимликлари экилади, чунки илдиз сўрғичлари тез униб чиқади. Ушбу ўсимлик тузли шамолларнинг олдини олади, унинг поясидан қурилиш, тўқимачиликда фойдаланилади, шунингдек, уни ем-хашак сифатида ҳам ишлатиш мумкин», — дейди Новицкий.
Новицкий Қозоғистон Республикаси Экология ва табиат ресурслари вазирлигининг таклифига кўра Остона шаҳрида бўлиб, қозоғистонлик ҳамкасблари билан лойиҳанинг муваффақиятли натижалари хусусида ўртоқлашди.