«Шимолий» вокзалдан жўнайдиган деярли барча поездлар роппа-роса бир ой давомида «Жанубий» вокзалдан юради

O‘zbekiston

Илгари «Тошкент-Марказий» вокзалидан жўнаб кетиши керак бўлган деярли барча поездлар 15 июлдан 15 августгача «Тошкент-Жанубий» вокзалидан юради.

Фото: Сарвар Урмонов / УзА

«Тошкент-Марказий» (Шимолий) вокзалидан ўтувчи аксарият поездлар 15 июлдан 15 августгача «Тошкент-Жанубий» вокзалидан юради. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, «Тўқимачи» ва «Тошкент йўловчи» станциялари оралиғидаги темир йўлда таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Бироқ «Олмаота-Тошкент-Олмаота», «Тошкент-Новосибирск-Тошкент», «Тошкент-Самара-Тошкент» йўналишлари бўйича қатновчи йўловчи поездлари ва «Тошкент-Хожикент-Тошкент» шаҳарлараро поездлари бундан мустасно, «Тошкент-Марказий» вокзалдан жўнайдиган барча йўловчи поездлари «Тошкент-Жанубий» вокзалидан ҳаракатлана бошлайди.

Жумладан, «Афросиёб», «Шарқ», «Насаф» ва «Тошкент-Андижон-Тошкент», «Тошкент-Волгоград-Тошкент», «Душанбе-Тошкент-Душанбе» йўналишларидаги юқори тезликда ҳаракатланувчи электр поездлари булар қаторига киради.

«Тошкент-Марказий» ва «Тошкент-Жанубий» вокзалларидаги барча кассалар 24 соат давомида ишлайди. Бундан ташқари, чипталарни электрон шаклда сотиб олиш мумкин.

Шунингдек, «Тошкент-Марказий» вокзалидаги кассадан поезд жўнашдан олдин чипта сотиб олган ёки Марказий вокзалга хатолик билан келиб қолган йўловчиларни «Тошкент-Жанубий» вокзалига олиб бориш учун бир ой муддатга вақтинчалик бепул автобуслар ташкил этилади.

Mavzuga oid materiallar