Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти Gulf Medical University (БАА) билан ҳамкорликда Doctor of Medicine (терапия) магистратура босқичи учун 4 йиллик қўшма таълим дастури ташкил этилди.
Шунингдек, учрашув чоғида икки олий таълим муассасаси ректорлари ўқув жараёнига илғор педагогик технологиялар, халқаро таълим стандартлари асосидаги ўқув дастурлари ва ўқув-услубий мажмуаларни кенг жорий этиш, маҳорат сабоқларини ташкил этишни назарда тутувчи ҳамкорлик шартномасини имзолади. Талабалар ва ўқитувчилар учун, малака ошириш курсларини ўтказиш учун университетнинг юқори малакали ўқитувчи ва олимлари жалб этилади.
2024/2025 ўқув йилида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ўртасидаги келишув билан тасдиқланган квотага мувофиқ Фарғона тиббиёт институтида бакалавриат даражасига эга 100 нафар БАА фуқароси таҳсил олади.
Шу билан бирга, 1-2 йил ичида муаммоли таълим технологиясидан, 3-4 йилдан кейин эса «Иш жойига асосланган таълим» технологиясидан фойдаланган ҳолда магистрлар тайёрланади.
Таълим дастури Буюк Британиянинг The Quality Assurance Agency for Higher Education томонидан халқаро аккредитациядан ўтади ва битирувчилар бутун дунёда тан олинган халқаро дипломга эга бўлади.
Хабарингиз бор, Фарғона тиббиёт институти 2023-йилда Импаcт Ранкинг номинациясида ТHЕ (Times Higher Education) рейтингининг ТОП-1000 талигига ва халқаро RUR (Round University Ranking) ТОП-900 талигига кирди.
Шунингдек, ўтган йили институтнинг «Умумий тиббиёт» дастури ECAQA агентлигидан (Eurasian Center for Accreditation and Quality Assurance) 5 йилга халқаро аккредитация олди.
Айни пайтда Фарғона тиббиёт институтида 749 нафар хорижлик талаба таҳсил олмоқда, уларга маҳаллий мутахассислар билан бирга Ҳиндистон, Покистон, Хитой, Россия ва бошқа хорижий давлатлардан 25 нафар профессор-ўқитувчилар сабоқ бермоқда.