АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп Х платформасида Илон Маскка берган интервьюсида инсоният учун асосий таҳдид глобал исиш эмас, балки ядро қуроли экани ҳақида фикр билдирди.
Аксинча, ҳозирги президент Джо Байден глобал исишни ягона экзистенциал таҳдид деб билади.
«Энг жиддий таҳдид глобал исиш эмас. Энг катта таҳдид ядровий қуролдир», — деди Трамп ўзидан кейинги президентга қарши фикр билдириб.
Бундан ташқари, Трамп ноябрь ойидаги сайловда ғалаба қозонса, яна Россия президенти Владимир Путин билан муносабатларни яхшилашига умид билдирди. Трамп президентлик даврида Путин билан «жуда яхши» муносабатда бўлганини айтди. Унинг таъкидлашича, Россия билан алоқалар ҳақида узоқ вақтдан бери муҳокама қилинаётган айбловларга қарамай, унинг Россия раҳбари билан алоқалари ижобий бўлган.
Трамп Путинни яхши билишини ва у билан дўстона муносабатда бўлганини, Россия президенти унга ҳурмат кўрсатишини таъкидлади.