Қорақалпоғистонда 124 та лойиҳа амалга ошириш режалаштирилмоқда

O‘zbekiston

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга Қорақалпоғистон Республикасида амалга оширилиши режалаштирилган инвестисия лойиҳалари тақдим этилди. Умумий қиймати 9,5 миллиард долларлик 124 та лойиҳа шакллантирилган.

Президент Шавкат Мирзиёевга Қорақалпоғистонда амалга оширилиши режалаштирилган инвестисия лойиҳалари тақдим этилди.

Саудия Арабистони билан ҳамкорликда Нукус шаҳрида марказлашган иссиқлик таъминоти тизимини яхшилаш, Испания инвестицияси иштирокида Қораўзак туманида қуёш ва шамол электр станциялари қуриш, германиялик инвесторлар томонидан Нукус туманида мисни қайта ишлаш ва кабеллар ишлаб чиқариш лойиҳалари режалаштирилган.

Мазкур 124 та лойиҳа натижасида 20 мингдан ортиқ аҳоли иш билан таъминланади.

Давлатимиз раҳбари тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш муҳимлигини таъкидлади.

Охирги 7 йилда Қорақалпоғистон Республикасида 17 триллион 800 миллиард сўмлик 6 минг 784 та лойиҳа амалга оширилган. Уларнинг натижасида 56 мингта иш ўрни яратилган.

Шу даврда 2 миллиард 815 миллион долларлик экспорт қилинган. Бу йил республикада умумий қиймати 874 миллион долларлик 470 та лойиҳа амалга оширилмоқда.

Бу изчил давом эттирилиб, Қорақалпоғистонда хорижий инвестор ва маҳаллий тадбиркорлар томонидан умумий қиймати 9,5 миллиард долларлик 124 та лойиҳа шакллантирилган. Шундан қарийб 1 миллиард 800 миллион долларлик 10 таси давлатимиз раҳбарига тақдимот қилинди.

Mavzuga oid materiallar

Muhim yangiliklarni oʻtkazib yubormang!

Asosiy voqealardan birinchi boʻlib xabar topish uchun Telegram kanalimizga obuna boʻling.