Қорақалпоғистонда Мирзиёев иштирокида шамол электр станциялари ва саноат корхоналари қурилишининг бошланиши, савдо мажмуаларини фойдаланишга топшириш маросими бўлиб ўтди.
«Ҳозирда ҳудуд иқтисодиётига туртки берувчи қарийб 9,5 миллиард долларлик 120 дан ортиқ янги йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳалар 2025-2028 йилларда босқичма босқич ишга туширилади. Натижада 20 мингдан ортиқ янги иш ўрни, 12 триллион сўмлик ишлаб чиқариш қуввати ва буджетга 500 миллиард сўм қўшимча тушум яратилади», — деди Мирзиёев.
2030 йилга қадар Қорақалпоғистонда 11 миллиард доллар тўғридан-тўғри инвестиция ҳисобига, жами 10,3 гигаватт қувватга эга 10 та йирик шамол электр станцияси қурилиши режалаштирилган. Бу лойиҳалар тўлиқ ишга тушиши ҳисобига йилига 35 миллиард киловатт соат «яшил» энергия олинади.
Қувват узатишда барқарорликни таъминлаш учун Қўнғирот, Беруний ва Қораўзак туманларида жами 400 мегаваттли 3 та электр энергиясини сақлаш тизими барпо этилади.
Бугун ушбу лойиҳаларнинг бир нечтаси бўйича қурилиш ишлари бошланмоқда. Биринчиси, Хитойнинг «Санй Ренеwабле» компанияси томонидан Қўнғирот туманида қуриладиган қиймати 1 миллиард 200 миллион долларлик, 1 гигаватт қувватли шамол электр станцияси. Иккинчиси, Саудия Арабистонининг «АCWА Поwэр» компанияси билан ҳамкорликда Беруний ва Қораўзак туманларида ташкил этиладиган қиймати 250 миллион долларлик 100 мегаватт электр энергиясини сақлаш тизимига эга 200 мегаватт қувватли шамол электр станцияси.
Бу билан бир пайтда Қўнғирот туманида шамол турбинаси қисмлари, миноралари ва парракларини ишлаб чиқариш бўйича корхоналар қурилиши ҳам бошланмоқда. Натижада йилига 1 000 мегаватт қувватли шамол турбина қисмлари ва 120 та минорани ишлаб чиқариш маҳаллийлаштирилиб, 100 миллион долларлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар тайёрланади.
Бундан ташқари, Нукус туманида 24 миллион доллар инвестиция ҳисобига йилига 20 миллион дона иситиш радиаторлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Шаҳар ва туманларни обод қилиш, аҳоли учун муносиб турмуш шароитлари яратиш масалалари ҳам эътиборда. Шу кунларда саноат, қишлоқ хўжалиги, туризм ва хизмат кўрсатиш соҳаларида 62 миллион долларлик 12 та лойиҳа ишга туширилмоқда. Маросимда улардан иккитаси – Беруний тумани ва Нукус шаҳридаги йирик савдо мажмуалари очилди.
Давлат раҳбари рамзий тугмани босиб, янги иншоотларнинг қурилиши ва фаолиятини бошлаб берди. Барчани мамлакатимиз иқтисодиётида катта аҳамиятга эга ушбу лойиҳалар билан табриклади.