Тўғри йўлга қўйилган корпоратив маданиятга эга корхоналарда бошқарув ва назорат органлари ўртасида «ўзаро тийиб туриш ва мувозанат» (checks and balances) тизими мавжуд деб ҳисобланади. Бу тизим раҳбариятнинг ўз ваколатларини суиистеъмол қилишига йўл қўймайди ва манфаатлар тўқнашувини камайтириб, маълум гуруҳларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга имкон бермайди.
Бу, шунингдек, корхонанинг давлат назорат органлари аралашувисиз корпоратив бошқарувнинг халқаро тамойиллари ва акциядорлик жамиятлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилишини англатади.
Корпоратив бошқаруви яхши йўлга қўйилган корхоналарда қарорлар барча ҳолатлар пухта ўйлаб чиқилгандан сўнг қабул қилинади ва уларнинг ижроси охирига етказилади. Бунда маблағлар ва бошқа активлардан оқилона фойдаланилади. Бундай корхоналар тижорат сирини ташкил этувчи маълумотлардан ташқари ҳеч нарсани жамоатчиликдан яширмайди.
Ходимлар ва акциядорлар (ҳам йирик, ҳам майда) ҳамда жамоатчиликнинг ҳуқуқ ва манфаатларига риоя қилишга мувозанатли ёндашув корхонанинг молиявий ва ишлаб чиқариш кўрсаткичларини яхшилайди.
Агар корпоратив ҳодисалар ва корхона фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларни ошкор қилиш тизими тўғри жорий этилса, самарали корпоратив бошқарув тизимига эга компания акцияларига талаб юқори бўлади. Бу эса фақат корхонага боғлиқ бўлмаган ташқи омилларни ҳисобга олган ҳолда акциялар нархининг ошишига олиб келади.
Портфель ва майда сармоядорлар бундай корхоналарнинг акцияларига сармоя киритиш, агар улар ўз маблағларини банк депозитида сақлагандан кўра, котировкаларнинг ўсиши шаклида анча кўпроқ фойда келтиради, деб умид қилади.
Корхонада корпоратив бошқарув самарадорлигини баҳолаш нисбий ва субъектив эканини ёдда тутиш муҳимдир. Баъзан барча ички қоидаларнинг мавжудлиги, бошқарув ва назорат органларининг ҳатто мустақил аъзолар иштирокидаги уйғун ҳамкорлиги, шунингдек, маълумотларнинг мунтазам равишда ошкор этилиши жамоатчилик ва сармоядорларда нотўғри таассурот уйғотиш учун шунчаки кўриниш бўлиши мумкин. Бу самарага баъзан айрим корхоналарда корпоратив бошқарув тизимини асоссиз равишда ошириб баҳолаш ҳам ёрдам беради. Бундай баҳолаш ҳар йили улар учун тасдиқланган KPI (асосий самарадорлик кўрсаткичлари) қийматларини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади.