«Хоттабич» музқаймоғида ичак таёқчаси аниқланди

O‘zbekiston

Санитария-эпидемиология назорати бошқармаси «Хоттабич» музқаймоғининг «эскимо», «бананли», «пистали», «шоколадли», «олхўрили» ва «пломбир» каби турларида ичак таёқчаси гуруҳига мансуб бактериялар мавжудлигини аниқлади.

Фото: Очиқ манбалар

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар беришича, «Хоттабич» музқаймоғида ичак таёқчаси гуруҳи бактериялари топилган.

Маълум қилинишича, таҳлил фуқаролар мурожаатларидан сўнг ўтказилган. Мутахассислар «X XASANBOY VA XOLOD» МЧЖ ишлаб чиқарган етти турдаги музқаймоқни текширишди.

Санитария-эпидемиология назорати бошқармаси «Хоттабич» музқаймоғининг «эскимо», «бананли», «пистали», «шоколадли», «олхўрили» ва «пломбир» каби турларида ичак таёқчаси гуруҳига мансуб бактериялар мавжудлигини аниқлади.

Юқорида санаб ўтилган музқаймоқ турларида шакар миқдори белгиланган меъёрлардан икки баравар юқори — 14,5-17,5% ўрнига 37,7-38,1% эканлиги аниқланди. Ўз навбатида, «олмали пломбир»да сахароза миқдори етарли эмаслиги маълум бўлди.

Шунингдек, тадқиқотлар давомида ушбу музқаймоқ қадоқларидаги «Музқаймоқ истеъмол қилиш вазнингизни камайтиради, иммунитетни оширади ва стрессдан чиқишга ёрдам беради, шунингдек, яхши кайфиятни таъминлайди» деган жумлаларни тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд эмаслиги аниқланди.

Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекциясининг маҳсулот маркировкаси (қадоғи) бўйича берган хулосасига кўра, қадоғида шакарсиз деб кўрсатилган «Хоттабич» номли музқаймоқнинг «Эскимо», «Бананли», «Фисташкали», «Шоколадли», «Олхўри мевали», «Олма мевали» ва «Пломбир» каби турдаги маҳсулотларда истеъмолчига тегишли бўлган 10 га яқин зарур маълумотлар тақдим этилмаган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 490-сонли қарорида назоратни амалга оширувчи давлат органлари Техник регламент талабларига мос келмайдиган маркировкаланган озиқ-овқат маҳсулотлари сотилишининг олдини олиш бўйича барча чораларни кўриши ва бундай маҳсулотларни бозордан олиб ташлаши кераклиги белгиланган.

Mavzuga oid materiallar