Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси (ПФЛ) 19 октябрь куни бўлиб ўтган Суперлига 21-турининг «Локомотив» ва «Бунёдкор» (2:3) ўртасидаги учрашувининг иккинчи тайми кечиктирилиши муносабати билан расмий баёнот берди.
Маълум бўлишича, Тошкент вилоятидаги «Дўстлик» стадионида ПФЛ комиссари Қудрат Мадраимов ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ўртасида жанжал келиб чиққан, натижада комиссар ушланиб, ИИБ бўлимига олиб кетилган.
Лига хабарига кўра, «Бунёдкор» клубининг расмий вакили ва ИИВ ходими ўртасида низо келиб чиққан. Учрашув расмийларининг автомобиллари ва VAR-машиналарини туман ички ишлар бўлими бошлиғининг оғзаки кўрсатмаси билан стадион автотураргоҳидан эвакуатор билан олиб чиқиб кетмоқчи бўлишган. Шундан сўнг лига комиссари бундай шароитда ўйин давом эта олмаслигини тушунтиришга ҳаракат қилган, бироқ унинг телефони олиб қўйилган ва у ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимининг қонуний талабларини бажармаганлиги баҳонасида стадиондан олиб ташланган.
Кейинроқ комиссарни қўйиб юборишди ва у стадионга қайтди. Бу вақтда ҳакамлар иккинчи таймга чиқишмади.
«Энди лига комиссарнинг аризаси асосида текширув ўтказади. Шунингдек, «Дўстлик» стадиони, «Локомотив» ва «Бунёдкор» клублари мутасаддилари бу борада ўз позицияларини билдирадилар. Шундан сўнг лига юқори турувчи ташкилотга мурожаат қилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо беришни сўрайди»,- дейилади ПФЛ расмий баёнотида.
Ушбу ўйиннинг иккинчи тайми 30 дақиқалик танаффус билан бошланди, шу сабабли «Металлург» - «Андижон» ўйини ҳам ярим соатга сурилди.