Чирчиқ шаҳар ҳокими ўринбосари 1 миллион доллар олаётганда қўлга олинди

O‘zbekiston

Чирчиқ шаҳар ҳокими ўринбосари ер участкаси учун ўтказиладиган кимошди савдосида ғалаба қозонишга ёрдам бериш ваъдаси эвазига 1 миллион доллар олаётган пайтда ушланди. Амалдор жами 2 миллион доллар талаб қилган. У аванс пулини олаётганда ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан қўлга олинди.

Фото: СГБ

Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати матбуот хизмати хабар беришича, Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳар ҳокимининг ўринбосари коррупцияда гумон қилиниб ҳибсга олинди.

Мансабдор шахс ўз лавозимидан фойдаланиб, ҳокимлик захирасидан 20 гектар ерни аукцион орқали 49 йиллик фойдаланиш ҳуқуқи билан олишга кўмаклашиш учун 2 миллион доллар талаб қилган. Бунда ер олувчи 40 миллион доллар инвестиция киритиш ва кластер шаклидаги савдо мажмуасини барпо этиш мажбуриятини олиши керак эди.

Ҳоким ўринбосари ўз ҳайдовчиси орқали дастлабки 1 миллион долларни олаётган пайтда қўлга олинди.

Ушбу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 210-моддаси 3-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда пора олиш — 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Mavzuga oid materiallar