Мирзиёев Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишини ўтказди

Мирзиёев раислигида 12 январь куни Хавфсизлик кенгашининг Қуролли Кучлар ва ҳарбий-маъмурий секторларнинг 2023 йилдаги фаолияти якунлари муҳокамасига бағишланган кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Мирзиёев Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишини ўтказди

Мажлисда Хавфсизлик кенгаши аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибига кирадиган вазирлик ва идоралар раҳбарлари, округлар қўмондонлари, ҳарбий-маъмурий секторлар раҳбарлари — Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Йиғилиш аввалида давлат раҳбари мамлакат мудофаа қобилиятини янада мустаҳкамлаш ва Қуролли Кучларни ривожлантириш борасида 2023 йилда амалга оширилган ишларнинг натижаларини таҳлил қилди.

Ҳарбий хизматчилар ва ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш тизимини такомиллаштириш, миллий армияни янада ривожлантириш ва мамлакатимиз мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш, ҳарбий-маъмурий секторлар ва мудофаа саноати фаолияти самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

«Бугунги кунда ҳар биримиз амалда Ватан ҳимоячиси бўлишимиз, ёшларимизни ҳам шу руҳда камол топтиришимиз зарур», — деди Президент.

Давлат раҳбари бу йўналишдаги тадбирларни кенгайтириб, ёшларни замонавий касбларга ўқитиш ва меҳнат фаолиятини бошлаши учун субсидиялар орқали қўллаб-қувватлаш зарурлигини қайд этди.

Шунингдек, ёшларнинг фуқаролик позициясини мустаҳкамлаш мақсадида медиа маконда олиб борилаётган ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги ишларни кучайтириш вазифаси қўйилди.

Мажлисда мамлакат мудофаа қудратини мустаҳкамлаш, қўшинларнинг ҳарбий тайёргарлигини ошириш ҳамда ҳарбий илм-фанни ривожлантириш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Олий Бош Қўмондон жанговар тайёргарлик тизимини инновацион ва илмий ёндашувлар асосида янада такомиллаштириш, ахборот алмашинуви ва қарорлар қабул қилиш бўйича замонавий ҳарбий ва илмий ишланмаларни амалга кенг жорий этиш бўйича топшириқлар берди.

Йиғилишда ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаш миллий хавфсизлик соҳасидаги муҳим вазифа бўлиб қолишига урғу берилди.

Бу борада Қуролли Кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларини рақамлаштиришни жадаллаштириш, вазирлик ва идораларнинг барча ахборот ресурсларини ягона хавфсиз ахборот маконига бирлаштириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Миллий армияда ва халқ ўртасида киберхавфсизлик борасидаги огоҳликни ва рақамли маданиятни ошириш бўйича тизимли ишларни йўлга қўйиш юзасидан энг муҳим вазифалар белгилаб олинди.

Хавфсизлик кенгаши йиғилишида мамлакатимиз мудофаа саноати мажмуасини янада ривожлантириш, давлат чегараларини қўриқлаш тизимини такомиллаштириш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, фавқулодда вазиятларни прогноз ва мониторинг қилиш, авария ва техноген ҳалокатларнинг олдини олиш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш бўйича ҳам долзарб вазифалар кўрсатиб ўтилди.

Бўлишиш
Юбориш
Твит ёзиш