«Юксалиш» ҳаракати пойтахт ҳавосини яхшилаш чораларини таклиф қилди

«Юксалиш» ҳаракати эколог мутахассислар ўртасида сўров ўтказиб, ҳолатни яхшилаш бўйича 10 та бирламчи чора-тадбирлар таклифларини ишлаб чиқди. Сўровда 34 нафар мутахассис, шу жумладан, тегишли вазирлик ва қўмиталар, тадқиқотчилар, маҳаллий эко фаоллар ва журналистлар иштирок этди.

«Юксалиш» ҳаракати пойтахт ҳавосини яхшилаш чораларини таклиф қилди
Анвар Илёсов

Респондентларнинг аксарияти (80,7%), биринчи галда, чанг кўтарилишини камайтириш учун барча очиқ майдонларга дарахтлар ва кўп йиллик ўтларни экиш орқали «яшил белбоғ» яратиш керак, деб ҳисоблайди. Бунга қўшимча сифатида экилган дарахтларни доимий парваришлаш, мониторинг қилиш, кесиш ҳолатларига жазони кучайтириш муҳимлигини таъкидлади.

Сўралган экологларнинг 74,4% шаҳарсозлик Бош режалари тасдиқланмагунча янги, айниқса, кўп қаватли ва нотурар бинолар қурилишига мораторий жорий этиш, қурилишларга фақат «яшил» стандартлар доирасида рухсат бериш зарур, деб ҳисоблайди.

Респондентларнинг 70,1% ҳавони ифлослантирувчи омиллар ҳақида аниқ тушунча ва маълумотларга эга бўлиш учун махсус ускуналар орқали ифлослантирувчи манбаларни (корхона, завод, иссиқхона ва ҳк.) мониторинг қилиш керак, деган фикрда. Бунда масъул идоралар ва ННТлар вакилалларидан иборат тезкор мониторинг гуруҳини тузиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланган. Мониторингда асосий урғу қуйидагиларга қаратилиши тавсия этилади:

  • ифлосланиш даражаси, сабаблари ва таркибини ўрганиш, уни бартараф этиш чораларини ишлаб чиқиш;
  • натижаларини ОАВда эълон қилиб бориш;
  • ҳавони ифлослантиришга сабаб бўлган корхоналарга ижобий хулосалар ёки фаолият юритиши учун рухсатномалар берган шахсларни жавобгарликка тортиш;
  • қоидабузарларга жарима ва жазо чораларини қўллаш;
  • ҳаво сифатини яхшилаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш.

Респондентлар, шунингдек, ҳавонинг ифлосланганлик ҳолати ҳақида аҳолини хабардор қилиш, зарур чораларни кўриш бўйича тавсиялар бериш бўйича кенг кўламли тарғибот ишларини ўтказишни айтган (57,3%). Ахборот билан таъминлаш тизимли, доимий ва эколог мутахассисларнинг маълумотларига таянилган бўлиши керак.

Мутахассислар, шунингдек, ижтимоий-аҳамиятли объектларда (мактаб, боғча, шифохона ва ҳк.) ҳавони тозаловчи тизимларни ўрнатишни (50,6%) ҳамда иш берувчиларга бино ва офислар ичкарисида ҳавони тозалаш бўйича тезкор чоралар кўришни ҳам тавсия этган (42,1%).

Респондентларга кўра, вақтинчалик чора сифатида намликни ошириш учун ерости сувларидан фойдаланган ҳолда фавворалар сонини кўпайтириш зарур (25%). Айримларининг фикрича, мўътадил микроиқлимни таъминлаш ва ҳаво сифатига ижобий таъсир кўрсатиш учун сунъий сув ҳавзаларини яратиш ҳам самарали чоралардан бири.

Сўровда қатнашган экспертларнинг 19,3% ифлосланиш даражаси юқори бўлган кунларда аҳоли орасида тиббий ниқоб тақиш зарурлиги тўғрисида тушунтириш ишларини олиб бориш керак, деб ҳисоблайди.

Шунингдек, сўралганларнинг 18% қишлоқ ва ўрмон хўжалиги, ишлаб чиқариш, омборларда ёнғиннинг олдини олиш чора-тадбирларини кучайтириш кераклигини таъкидлаган. Чунки дала ва ўрмонларда, хавфли кимёвий моддалар сақланадиган омборларда содир бўладиган ёнғинлар натижасида ҳаво сифатига ҳамда инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатувчи заҳарли тутун ва кул тарқалиши мумкин.

Бўлишиш
Юбориш
Твит ёзиш