Тошкентда ичимлик суви тармоғини тортиш лойиҳасини тендерсиз олиб бермоқчи бўлган шахслар ушланди

Тошкент шаҳри Яккасарой туманида ДХХ ходимлари томонидан қурувчига ичимлик суви тармоғини тортиш лойиҳасини тендерсиз олиб беришини айтиб, қарийб 4,5 млрд сўм пул талаб қилган шахслар ушланди.

Тошкентда ичимлик суви тармоғини тортиш лойиҳасини тендерсиз олиб бермоқчи бўлган шахслар ушланди

Маълум бўлишича, Тошкент шаҳрида яшовчи, 1970 йилда туғилган ва Жиззах шаҳрида яшовчи, 1971 йилда туғилган 2 нафар шахс ўзаро келишган ҳолда қурилиш фирмаси раҳбарига ўзларининг юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали Хоразм вилоятининг Қўшкўпир туманидаги 72,5 млрд сўмлик ичимлик суви тармоғини тортиш лойиҳасини тендер савдоларисиз, тўғридан тўғри олиб беришни ваъда қилиб, эвазига объект қийматининг 6 фоизини, яъни 4 млрд 350 млн сўм талаб қилган.

Яккасарой туманида ўтказилган тезкор тадбирда улар сўралган пул маблағидан $29 000 ни олган вақтларида ушланган.

Тезкор тадбир давом эттирилиб, мазкур ноқонуний ишга Тошкент вилоятининг Оҳангарон шаҳрида жойлашган ИИВ ҳузуридаги 44-сонли манзил колониясида жазо муддатини ўтаётган маҳкумнинг алоқадорлиги аниқланган: юқоридаги пул маблағидан $28 500 ни олган вақтида у ҳам қўлга олинган.

Бўлишиш
Юбориш
Твит ёзиш