Айбланувчи ўзини айбсиз деб билишини айтди.
«Адвокатларим томонидан музокара давомида келтирилган важ ва далилларнинг барчасига қўшиламан. Тергов томонидан менга қўйилган айбларнинг бирортасига ҳам мен айбдор эмасман, деб ўйлайман. Менга қўйилган айбловлардан бирортасида жиноий қасд бўлмаганини таъкидлаб ўтаман», — деди у.
Унинг сўзларига кўра, тергов ва суд жараёнида у ўз кўрсатмаларини ўзгартирмаган.
«Менга қарши кўрсатма бераётган одамларнинг барчаси ўзининг кўрсатмасини ё ўзгартирди, ё бошқача важлар билан тўлдирди. Бу, албатта, уларнинг менга қарши бераётган кўрсатмасида ҳаққонийлик йўқлигидан далолат», — деди судланувчи.
Фармацевтика агентлиги ҳамда Дори воситалари, тиббиёт буюмлари ва тиббиёт техникасини экспертиза ва стандартлаштириш давлат марказининг собиқ раҳбари ўзига қўйилган асосий айбловлардан бири гўёки текширувни бекор қилишга буйруқ бергани эканлигини айтди.
«Бу нарса бўлмаган ва бунақа топшириқ бермаганман», — деди у.
Сардор Кариев буларни ҳисобга олган ҳолда суддан ўзига нисбатан оқлов ҳукми чиқаришни сўраган.
Бундан ташқари, улар Кариев «Док-1 Макс» сертификатининг амал қилиш муддатини узайтиришни маъқуллаган экспертлар кенгаши йиғилишида иштирок этмаганини, чунки ўша пайтда у АҚШда хизмат сафарида бўлганини айтишди.
Прокурор аввалроқ суддан агентликнинг собиқ раҳбарини 18 йилга, Қурамах (дори импорт қилувчи) собиқ директорини эса 20 йилга озодликдан маҳрум этишни сўраган эди. Шунингдек, давлат айбловчиси судланувчилардан ҳалок бўлган болаларнинг оилаларига 100 миллион сўм ундиришни сўраган.