Хайрия ҳашарини ўтказиш доирасида қуйидаги тадбирлар амалга оширилади:
- «Маҳалламга 10 туп дарахт - менинг туҳфам» шиори остида барча турар жой мавзелари ва маҳаллаларда иқлим шароитига мос ҳамда суғориш тизимини ҳисобга олган ҳолда дарахт кўчатлари экиш;
- Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, шунингдек, туман (шаҳар) ҳокимликлари маҳаллий буджетларининг қўшимча манбалари (маҳаллий буджетлар даромадларининг чораклар якунлари бўйича аниқланадиган прогноздан ошириб бажарилган қисмининг 10 фоизидан ташқари), ҳомийлик хайриялари, қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалардан маҳалла фуқаролар йиғинлари орқали аҳолига бепул кўчат тарқатиш ва дарахт экиш ишларини ташкил этиш;
- аҳоли пунктларида қаровсиз қолган дарахтларни сақлаш ва парварищ қилиш ҳамда боғларни кўкаламзорлаштириш, ушбу ҳудудларда дарахтлар экиш, сақлаш ва парвариш қилиш ишларига аҳолининг банд бўлмаган қатламини ихтиёрийлик асосида жалб қилиш;
- ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламлари, айниқса, эҳтиёжманд, меҳр-мурувватга муҳтож, боқувчисиз қолган кекса ва ногиронлиги бўлган фуқароларнинг уй-жой шароитларини яхшилашга кўмаклашиш;
- маҳаллалар, аҳоли пунктлари, кўп қаватли турар жойлар ва ҳовлилар атрофи, гузарлар, хиёбонлар, зиёратгоҳлар, қабристонлар ҳамда болалар майдончаларини тартибга келтириш;
- ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш иштирокчиларини зарур техника воситалари ва анжомлар билан таъминлаш;
- жойларда ободонлаштириш ишларини ўтказиш жараёнида тўпланган чиқиндилар маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа мутасадди ташкилотлар томонидан алоҳида белгиланган жойларга олиб чиқилишини таъминлаш.
Фармойишда автомобиль йўллари, ҳаракатланиш тиғиз бўлган кўчалар, сув объектлари, кирғоқбўйи ҳудудлар ва зоналар, қурилиш майдонлари, бино ва иншоотлар томлари, хавфли ишлаб чиқариш объектлари, шунингдек, инсонларнинг ҳаёти ёки соғлигига хавф туғилиши мумкин бўлган бошқа жойларда ихтиёрий ташаббус билан тадбирлар ва бошқа ишларни амалга ошириш мумкин эмаслиги алоҳида кўрсатиб ўтилган.