Одамларнинг харид имкониятини кенгайтириш учун тўрт йил олдин ипотека тизимининг бозор тамойилларига асосланган янги тартиби жорий қилинди. Унга мувофиқ, ўтган даврда барча манбалардан 100 триллион сўм маблағ йўналтирилди.
«Буларнинг ҳисобига ҳудудларда 6 мингта кўп қаватли уй барпо этилиб, 250 минг оила янги бошпанали бўлди. Даромади юқори бўлмаган 45 мингта оилага бошланғич бадал ва фоиз тўлови учун 2,4 триллион сўмлик субсидиялар берилди», — дейилади хабарда.
Давлат раҳбари уй-жой бозорида таклифни ошириш ва хонадонлар нархининг ошишига йўл қўймаслик мақсадида вилоятлар ҳокимларига икки ой муддатда кўп қаватли уйлар қуриш учун қўшимча 20 гектар, Тошкент шаҳрида 60 гектар қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер майдонини кимошди савдосига қўйиш бўйича топшириқ берди.
«Ҳокимлар ва қурувчилар учун қурилиш харажатларини камайтириш ва уй-жой сифатини яхшилаш масалалари билан фаол шуғулланиш вақти келди. Қайси вазир ёки ҳоким уй-жой нархининг кўтарилиш сабабларини ўрганиб, унинг олдини олиш ҳақида ўйлаяпти? [Қурилиш вазири] Зокиров вилоятлар ҳокимлари билан биргаликда икки ҳафта муддатда қурилиш харажатларини камайтириш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиб, амалга оширилишини таъминлаши лозим», — деди Шавкат Мирзиёев.
Бу йил ипотекани молиялаштириш учун барча манбалардан 22,5 триллион сўм йўналтирилади. Жумладан, ипотека кредитлари учун қарийб 10 триллион сўм, даромади юқори бўлмаган 20 минг оилага бошланғич бадал ва фоиз тўловини қоплаш учун 2,3 триллион сўм берилади.
Пудрат ташкилотларининг айланма маблағини кўпайтириш учун 500 миллиард сўм ресурс йўналтирилади. Бунда йиллик 16 фоиз ставкада 12 ойлик имтиёзли давр билан 18 ойга имтиёзли кредитлар ажратилади.