Маълумотларга кўра, 30 март куни ички ишлар ходимлари Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари билан биргаликда тинтув буйруғи билан жиноят содир этишда гумон қилинган фуқарони қидириб топиш мақсадида Ортиқхўжаевнинг уйига борган.
«Солихон Ортиқхўжаев Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) ва 194-моддаси (ички ишлар органи ходимининг қонуний талабларига риоя қилмаслик) билан қонунбузарлик содир этган. Хусусан, у милиция ходимларига шахсий телефон рақамини беришдан бош тортган», — дейилади хабарда.
Суд мажлисида Солихон Ортиқхўжаев ўз қилмишига қисман иқрор бўлган, бироқ жамоат тартибини бузмаганини айтиб, суддан ёрдам сўраган.
Гувоҳ Ф.Ю.нинг айтишича, у 30 март куни шу ҳудуддан ўтиб кетаётиб, Солихон Ортиқхўжаевнинг «Мен террорчи эмасман, сиёсатга қарши эмасман, жиноятчи эмасман» деб қичқирганини эшитган.
Суд эркакни 194-модданинг 1-қисми (ички ишлар ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) билан айбдор деб топиб, 15 сутка қамоқ жазосини тайинлади, шунингдек, БҲМнинг бир баравари (340 минг сўм) миқдорида жаримага тортди.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил январида «Солихон домла» номи билан танилган Солихон Ортиқхўжаев фуқаролар, хусусан, Хоразм вилояти аҳолисининг норозилиги туфайли Тошкент вилояти Зангиота туманидаги «Фатҳ» жоме масжиди имомлигидан озод этилган эди.