Қайд этилишича, барча коммуникация тармоқлари ер остидан ўтказилди. Кўча бошида тарихий дарвоза қайта тикланди. Ўймакор устунли катта айвон, унга яқин жойда ҳовуз барпо этилди. Миллий каштачилик ва ҳунармандчилик устахоналари, новвойхона, миллий ошхоналар, заргарлик дўконлари ташкил қилинди. «Нон тарихи» ва «Қадимги Тошкентга саёҳат» номли кўргазмалар очилди. Уч юлдузли меҳмонхона ҳам бунёд этилмоқда.
«Замонавий мажмуалар ҳамма жойда бор. Биз хорижий сайёҳларни буюк тарихимиз билан кўпроқ жалб этишимиз мумкин. Шунинг учун бу ер кечаю кундуз фаолият юритадиган туристик марказга айланиши керак. Бундай этнографик масканларни кўпайтириш, миллий қадриятларимизни намойиш этиш, турли фестиваллар ўтказиш зарур», — деди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари маҳалладаги сумалак сайлида иштирок этди. Онахонлар тинч-осойишта юртга байрамлар ярашишини, бунинг учун Яратганга беҳисоб шукур қилишларини айтишди. Шавкат Мирзиёев уларни муборак Рамазон кунлари билан табриклаб, эзгу тилаклар изҳор этди. Халқимизга тинчлик ва фаровонлик тилаб дуолар қилинди.