Агентликнинг масофавий мониторинг тартибидаги ўрганишларида қуйидаги давлат буюртмачиларининг умумий қиймати 1 млрд сўмдан ортиқ давлат харидларида қонунбузилиши ҳолатлари аниқланди:
- Тошкент шаҳар 5-сонли юқумли касалликлар клиник шифохонасининг 432 млн сўмлик;
- Чапқирғоқ-Амударё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги Насос станциялари ва энергетика бошқармасининг 79,9 млн сўмлик;
- Аму-Бухоро машина канали Олот туман бошқармасининг 533,2 млн сўмлик.
Ушбу давлат харидлари бўйича буюртмачиларга Агентликнинг тақдимномалари киритилиб, Харид комиссиясининг ғолибни аниқлаш бўйича баённомалари бекор қилинди.
Шунингдек, давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилишига йўл қўйган шахсларни тегишли жавобгарликка тортиш мақсадида тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.