Бир кун аввал Шавкат Мирзиёевга миграцияни тартибга солиш ва меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича таклифлар тақдим этилган эди.
«Хорижда ишлаш истагида бўлганлар муайян харажатларга ҳам дуч келади. Шу боис энди мигрантларнинг ишчи виза, йўл чиптаси, хорижий тил ва касб бўйича малакани баҳолатиш харажатлари қисман қопланади. Чет тили бўйича халқаро ёки унга тенглаштирилган сертификат олган фуқарога тил ўрганиш учун сарфлаган харажатининг 50 фоизи қоплаб берилади», — дейилади хабарда.
Меҳнат миграциясидан қайтган фуқароларнинг бандлигига кўмаклашиш ҳам муҳим масала. Шу боис Сайхунобод тажрибаси асосида уларга томорқада маҳсулот етиштириб, даромад олиши учун молиявий кўмак берилади ҳамда бошқа турдаги бандлик хизматлари кўрсатилади. «Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш» комплекс дастурига мувофиқ имтиёзли кредитлар ажратилади.
«Меҳнат миграциясидан қайтганларни ишга олган корхонага ҳар бир ходим учун бир йил давомида Бандликка кўмаклашиш жамғармасидан ойига 500 минг сўм субсидия берилади. Ушбу тадбирларга бу йил учун барча манбадан 100 миллиард сўм ажратилади», — дейилади давлат раҳбари матбуот хизмати хабарида.
Хориждаги фуқаролар масалаларини тезкорлик билан ҳал қилиш учун элчихоналар ва тегишли вазирликларда 24 соат ишлайдиган «колл-марказлар» ташкил этилади.