Тошкентда қизнинг юзига мушт туширган йигит 2,5 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари матбуот хизмати «Взгляд.uz»га маълум қилди.
Воқеа 1 февраль куни соат 17:10 да Мирзо Улуғбек туманида содир бўлган. Йигит 17 ёшли қиз билан учрашмоқчи бўлиб, унинг орқасидан ушлаб олган. Қиз қаршилик кўрсатгач, унинг юзига уриб, воқеа жойидан қочиб кетган.
Суд-тиббиёт экспертизаси жабрланувчининг пастки лаб соҳасида жароҳат олганини аниқлади.
«Ўша куни З.А.ни кўрдим ва у билан танишмоқчи бўлдим. Уни орқасидан ушлаб олганимда, у қаршилик қила бошлади. Шу пайт телефоним тушиб кетди, шунинг учун ҳам жаҳлим чиқиб, уни урдим», — дейди судланувчи.
Суд 27 ёшли А.А.ни Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми «д» банди (ўз мазмунига кўра умум эътироф этган ахлоқ қоидаларини намойишкорона менсимасликда ифодаланувчи ўтакетган беҳаёлик билан безорилик қилиш) билан айбдор деб топди ва уни 2 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.