Жиноят ишлари бўйича Денов туман суди раиси Камолиддин Муродов 9 март куни ЙТҲ содир этди. Kun.uz манбасининг хабар беришича, воқеа 9 март куни содир бўлган. Ҳодиса оқибатида Камолиддин Муродов оғир тан жароҳатлари олган, у билан бирга машинада бўлган адвокат олган жароҳатларидан вафот этган.
Судьялар олий кенгаши матбуот котиби Турсунали Акбаров мазкур ҳодиса юзасидан кенгаш томонидан ички аудит ўтказилганини тасдиқлади. Натижалар Сурхондарё вилоят судлари судьяларининг малака ҳайъатида муҳокама этилиб, туман суди раисининг ваколатларини муддатидан олдин тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Камолиддин Муродов ўз лавозимини тиклаш бўйича апелляция аризаси билан чиққан, бироқ Судьялар олий кенгашига қилинган мурожаат рад этилган.
Марҳумнинг яқинлари нашр билан боғланиб, суд раиси автоҳалокатга учраган Лаcэтти машинасини бошқариб кетаётганини маълум қилди.
«Камолиддин Муродов билан акам бир-бирини яхши билишарди. Воқеа содир бўлган куни суд раиси акамнинг олдига хизмат машинасида келган. Кейин улар акамнинг Лаcэтти машинасида қаёққадир кетишди. Қайтишда машина йўлдан чиқиб, дарахтга бориб урилган, оқибатда акам ҳалок бўлган. Воқеа содир бўлган вақтда машинани судья бошқараётган эди, акам эса олдинги йўловчи ўриндиғидан улоқтирилди. Албатта, ким машинани бошқаргани тергов жараёнида аниқ бўлади. Биз ҳақиқатни излаш тарафдоримиз. Сабаби, акамнинг тўрт нафар фарзанди етим қолган», — дейди марҳум адвокатнинг опаси.
Адвокатнинг яқинларига кўра, суд раиси Камолиддин Муродов содир бўлган воқеалардан кейин марҳумнинг яқинларидан хабар олмаган, ҳамдардлик билдирмаган ва кечирим сўрамаган.
Қайд этилишича, Муродов ЙТҲдан сўнг 2024 йилнинг 11 мартидан 22 мартигача Евро-Мед санаторийсининг травматология бўлимида даволанган.