2024 йилда Тошкент шаҳрида давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этиш бошланади, деб хабар қилди президент матбуот хизмати.
Сўнгги 7 йилда соғлиқни сақлаш тизимига ажратилаётган маблағлар ҳажми 5,9 триллион сўмдан 33,5 трлн сўмга, яъни 6 баробар оширилди. Шифохоналар замонавий жиҳозланиб, янгилари барпо этилмоқда. Таҳлилларга кўра, соҳада аҳоли мурожаатларининг 30 фоизигина бирламчи бўғинда ҳал бўлаяпти. Айрим касалликлар бўйича даволаш услублари эскирган. Ҳамшираларнинг иш доираси кенг эмас.
Йил якунигача яна 300 та клиник протоколлар қайта кўриб чиқилади. Беморларга одатий текширувларни белгилаш, дорисиз даволаш каби вазифалар шифокордан ҳамширага ўтказилади.
Қайд этилишича, Сирдарё вилоятида тиббий суғурта механизмлари йўлга қўйилган эди. Бу соҳадаги кўплаб камчиликларни кўрсатиб берди. Тиббиёт муассасалари етарлича рақамлаштирилмагани сабабли суғурта тизими тўлиқ ишламаяпти. Шифокорларнинг кўп вақти ҳисобот тўлдиришга кетяпти.
Шу боис Тошкент шаҳрида соҳани рақамлаштириш бўйича намунавий тизим яратиш вазифаси қўйилди. Бунинг учун барча муассасалар янги компьютер ва техника воситалари билан жиҳозланади. Йил якунигача «Электрон поликлиника» ва «Электрон шифохона» тизимлари ишга туширилади.
Тошкент шаҳридаги давлат тиббий суғуртаси тизими доирасида:
давлат томонидан аҳолига бепул кўрсатиладиган тиббий хизматлар ва дори воситаларининг кафолатланган пакети жорий этилади;
беморларни ўзлари бириктирилган оилавий шифокорлар орқали тор соҳа мутахассисларига ёки шифохоналарга йўллаш тизими ташкил қилинади. Бунда ушбу тартибга риоя қилинган ҳолдагина бепул тиббий хизматлар кўрсатилади;
аҳолига кафолатланган пакет доирасида энг кўп учрайдиган касалликлар бўйича дори воситалари электрон рецепт асосида дорихоналар орқали бепул берилади.
Тақдимотда дориларга ҳақиқий эҳтиёжни шакллантириш, уларни харид қилиш ва жойларга ўз вақтида етказиб бериш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Тўғридан-тўғри шартнома асосида сотиб олинадиган дори воситалари ва тиббий буюмлар рўйхатини ҳамда харид жараёнини такомиллаштириш бўйича топшириқлар берилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда тест режимида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ягона «Электрон клиника» тизимини ишга туширган эди. Шифокор қабулига ёзилиш учун энди ўқиш ёки ишдан жавоб олиш, клиникага олдиндан бориш, мутахассис танлаш ва қулай вақтга купон олиш шарт эмас.