Туризм қўмитаси раиси Умид Шодиев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Венгрияда Миллий иқтисодиёт вазирлиги, Туризм агентлиги ва WиззАир авиакомпанияси вакиллари билан учрашувлар ўтказди. Учрашувларда ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Музокараларда мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар дўстона ва кўплаб соҳаларда изчил ривожланиб бораётгани таъкидланди. Бу сайёҳлик соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш учун қулай замин яратмоқда.
Томонлар ахборот технологияларини жорий этиш ва туризм соҳаси учун рақамли дастурларни ишлаб чиқиш бўйича тажриба алмашдилар. Шунингдек, Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини тарғиб қилиш мақсадида Венгрия оммавий ахборот воситалари, блогерлари ва туроператорлари учун пресс-турлар ва инфотурлар ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.
Венгрия сайёҳлик агентлиги, икки мамлакатнинг йирик туризм ассоциацияси ва компаниялари, шунингдек, оммавий ахборот воситаларининг 50 дан ортиқ вакиллари иштирок этган тақдимотда Туризм қўмитаси делегацияси Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти билан таништирди. Тақдимотда Ўзбекистоннинг бой туризм мероси, маданияти, тарихи, анъаналари ва гастрономияси ҳақида батафсил сўз юритилди.
Шунингдек, Туризм қўмитаси раиси Умид Шодиев WizzAir авиакомпанияси тижорат директори Сильвиа Гонсалес билан музокаралар олиб борди. Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини тарғиб қилиш бўйича ҳамкорликда реклама кампанияларини ўтказиш ва бошқа долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Венгрия томонига Ўзбекистонда транспорт логистикаси соҳасидаги ислоҳотлар, мамлакат ҳудудий аэропортларида «очиқ осмон» режимининг жорий этилиши ва бошқа жиҳатлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
WиззАир вакили Ўзбекистон салмоқли сайёҳлик, маданий, тарихий ва сармоявий салоҳиятга эга ва саёҳатчилар учун қизиқарли йўналиш эканлигини таъкидлади.
Музокаралар натижасида Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини тарғиб қилиш мақсадида халқаро рейслар ва авиакомпаниянинг интернет платформаларида қўшма реклама кампаниясини ўтказишга қарор қилинди.