10–20 июнь кунлари ҳар бир киши «Менинг боғим» дастури доирасидаги лойиҳалар учун ўз ғояларини таклиф қилиши мумкин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 26 мартдаги 156-сон қарори билан тасдиқланган «Менинг боғим» лойиҳаларини шакллантириш ва молиялаштириш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ, давлат бюджетидан ажратиладиган маблағларнинг камида ярми «Яшил жойлар» миллий лойиҳаси «Менинг боғим» лойиҳаларини молиялаштириш учун ишлатилади. Бу маблағлар жамоатчилик фикридан келиб чиққан ҳолда «яшил боғлар» ва «яшил жамоат боғлари»ни яратишга мўлжалланган.
Лойиҳани амалга ошириш учун жорий йилда жами 52 млрд сўм ажратилиб, бу маблағ 208 та туман ва шаҳарлар ўртасида тенг улушларда камида 250 млн сўм миқдорида тақсимланади.
20-23 июнь кунлари туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳамда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгаришлари вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари вакилларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан қабул қилинган лойиҳалар маълум мезонлар бўйича танлаб олинади ва навбатдаги овоз бериш босқичига ўтказилади. Шундан сўнг фуқаролар 2024 йилнинг 23 июндан 3 июлига қадар «Очиқ бюджет» порталида энг яхши лойиҳаларга овоз беришлари мумкин бўлади.
Энг кўп овоз тўплаган лойиҳалар манзиллар рўйхати бўйича молиялаштирилади.