Бугун, 13 июнь куни Корея Республикаси Президенти Юн Сок Ёль Ўзбекистонга келди. Давлат ташрифи арафасида «Дунё» ахборот агентлигига интервью берди.
Суҳбат чоғида мамлакатимиз иқтисодиётига Жанубий Корея сармояси сезиларли даражада ошгани қайд этилди. Бозорни эркинлаштириш бўйича амалга оширилган қатор чора-тадбирлар, жумладан, валюта сиёсатини либераллаштириш, божхона тўловларини камайтириш ва давлат корхоналарини таркибий ўзгартириш Ўзбекистон иқтисодиётини жонлантириш ва инвестиция муҳитини яхшилашга хизмат қилди. Ўтган йили Жанубий Кореядан Ўзбекистонга киритилган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми 96,4 фоизга ошиб, 7,68 млрд долларни ташкил этди.
Икки томонлама савдо ҳам ривожланмоқда. 2023 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2,3 миллиард доллардан ошиб, ижобий динамикани кўрсатди.
Бугунги кунда Ўзбекистонда Жанубий Корея капитали иштирокида ташкил этилган 700 дан ортиқ корхона муваффақиятли фаолият юритмоқда. Жорий йилнинг март ойида Сеулда Ўзбекистоннинг биринчи савдо уйи очилди. Ушбу янги платформа маҳсулот ва хизматларимизни Жанубий Корея бозорида фаол равишда илгари суриш учун ишлаб чиқилган.