17 августдан Ҳиндистоннинг ИндиГо авиакомпанияси Деҳли – Тошкент – Деҳли йўналиши бўйича мунтазам йўловчи қатновлари частотасини ҳафтасига тўрт мартадан етти мартагача оширмоқда. Шундай қилиб, парвозлар ҳар куни Airbus 320 типидаги самолётларда амалга оширилади.
Эслатиб ўтамиз, IndiGo авиакомпанияси Ўзбекистонга мунтазам қатновларни 2023 йил сентябрь ойида бошлаган. Частотани оширгунга қадар Ҳиндистон авиакомпанияси душанба, сешанба, пайшанба ва шанба кунлари парвозларни амалга оширади.
IndiGo — бош қароргоҳи Гургаонда (Ҳиндистон) жойлашган ҳинд хусусий лоукостер авиакомпанияси. Компания режалаштирилган рейслар сони ва самолётлар сони бўйича мамлакатдаги энг йирик авиаташувчи ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, 22 сентябрь куни Ҳиндистоннинг IndiGo авиакомпанияси Деҳли – Тошкент – Деҳли йўналиши бўйича илк парвозини амалга оширганди. Тошкент вақти билан соат 23:25 да бортида 167 йўловчи бўлган самолёт Ўзбекистон пойтахтига муваффақиятли етиб келган. Анъанага кўра, самолёт сув арчаси билан тантанали равишда кутиб олинган.