13 июль куни Alert Héritage Паркентдаги гелиокомплексда («Қуёш институти» ёки «Физика-Қуёш» илмий-ишлаб чиқариш бирлашмасининг Физика-техника институти) реконструкция бошланганини ташвиш билан маълум қилди. Жамоада таъкидланишича, апрель ойи охирида Маданий мерос ёдгорликлари миллий рўйхатига киритилган бинода реконструкция ишлари олиб борилмоқда, бу жараёнда давлат томонидан муҳофаза қилинадиган объектга киритилган меъморий ечимнинг асл элементлари бузилмоқда.
Alert Héritage ташкилотининг таъкидлашича, мажмуани реконструкция ва реставрация қилиш зарур бўлсада, жорий йилнинг апрель ойида «Физика-Қуёш» институти маданий мерос объекти мақомини олгандан сўнг, ҳар қандай ишлар янги ҳуқуқий талабларга қатъий риоя қилган ҳолда амалга оширилиши лозим. Бинонинг муҳим қисмлари учун реставрация режасини, қолган қисмлари учун эса реконструкция режасини ишлаб чиқиш талаб этилади. Ҳар иккала режа ҳам маданий меросни сақлаш бўйича мутахассислар томонидан тасдиқланиши шарт.
Маданий мерос агентлиги бундай объектларда олиб борилаётган барча ишларни маъқуллаши ва қонунбузарларга нисбатан давлат томонидан қўлланилиши мумкин бўлган барча таъсир чораларини кўриши керак, дейилади жамоада.
Шунга қарамай, «Потребитель.uz» ҳамжамияти гуруҳида «Ҳозир Қуёш институтига кириш мумкинми?» деган савол туғилди. Жамоа аъзоларининг хабар беришича, реконструкция ишлари олиб борилаётган бўлсада, гелиокомплексга ташриф буюриш ва уни кўздан кечириш имконияти мавжуд.
Катталар учун кириш нархи 20 000 сўм, болалар учун 10 000 сўмни ташкил этади. Хоҳловчилар экскурция буюртма қилишлари мумкин. Унинг нархи алоҳида келишилади.
Батафсил маълумот олиш учун қуйидаги рақамга мурожаат қилишингиз мумкин: +998 90-167-55-82.
Шуни таъкидлаш жоизки, ЎзР ФА «Физика-Қуёш» илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси Физика-техника институти Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси тизимидаги илмий-тадқиқот институти ҳисобланади. У ҳам фундаментал фан соҳасида, ҳам қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш, гелиоматериалшунослик, асбобсозлик соҳаларида юқори самарали технологияларни ишлаб чиқиш, шунингдек, юқори малакали илмий кадрлар тайёрлаш билан шуғулланади. Институт 1943 йил 4 ноябрда Тошкентда 1940 йилдан буён фаолият юритиб келаётган Физика-техника лабораторияси негизида ташкил этилган. У Ўрта Осиёдаги биринчи физика йўналишидаги илмий-тадқиқот институти бўлган.
Қўшимча қилиш лозимки, дунёда атиги иккита шундай Гелиокомплекс мавжуд - бири Францияда, иккинчиси Ўзбекистонда жойлашган.