Qanot Sharq хусусий авиакомпанияси Тошкент ва Тель-Авив ўртасида тўғридан-тўғри рейслар йўлга қўйилишини маълум қилди, деб хабар бермоқда авиакомпания матбуот хизмати.
Берилган маълумотларга кўра, парвозлар ноябрь ойидан бошлаб амалга оширилади. Тель-Авивдан Тошкентга парвозлар чоршанба кунлари, қайта йўналишда эса пайшанба кунлари бажарилади. Парвозлар жадвали (ҳар икки аэропорт учун маҳаллий вақт бўйича):
Тель-Авивдан жўнаш - 18:00, Тошкентга етиб келиш - 1:00;
Тошкентдан учиш - 19:50; Тель-Авивга етиб келиш - 23:20.
Бир томонлама чипта нархи 4,21 миллион сўмдан бошланади (нарх эълон қилинган пайтда амал қилади).
2023 йил май ойидан бошлаб Qanot Sharq авиакомпанияси Ўзбекистон ва Исроил ўртасида янги рейс очилганини эълон қилган эди. Хусусий авиаташувчи Самарқанддан Тель-Авивга парвозларни бошлаган.
Эслатиб ўтамиз, Исроил Ливанда «Ҳизбуллоҳ»га қарши махсус ҳарбий операцияни бошлади. Исроил мудофаа кучлари 23 сентябрь куни «Ҳизбуллоҳ»нинг 300 дан ортиқ объектига зарба берганини маълум қилди. Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги 182 киши ҳалок бўлгани ва 727 дан ортиқ киши жароҳатланганини хабар қилди.