Қорақалпоғистонда Lacetti каналга қулаб тушди

O‘zbekiston

Қорақалпоғистоннинг Беруний туманида Lacetti каналга тушиб кетиши оқибатида 3 нафар йигит ҳалок бўлди. Ҳайдовчи ва яна бир йўловчи омон қолган. Улар оғир тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.

Фото: Youtube.com / RenessansTV

Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний туманида фожиали йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлиб, инсонлар ҳалок бўлди. Бу ҳақда «Овоза» янгиликлар дастурида хабар берилди.

Маълумотларга кўра, авария 29 октябрга ўтар кечаси соат 2:20 атрофида содир бўлган. Маст ҳолатда бўлган Lacetti ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, каналга тушиб кетган.

ЙТҲ оқибатида автомобилнинг орқа ўриндиғида бўлган икки йўловчи воқеа жойида вафот этган. Яна бир йўловчи шифохонада вафот этган. Ҳалок бўлган ёшларнинг ёши 22 ёш, яна бири 21 ёш эди.

Тирик қолган ҳайдовчи ва яна икки нафар йўловчида мия ва кўкрак қафасининг шикастланиши, шунингдек, чўкиб кетиш оқибатлари билан боғлиқ жароҳатлар ташхиси қўйилган.

Хабарда айтилишича, авария эни 5 метр бўлган ички йўлда содир бўлган. Йўлда чироқлар йўқ, шунингдек, ҳеч қандай йўл белгилари ўрнатилмаган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Беруний тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Mavzuga oid materiallar