Тошкент аэропортида имконияти чекланган шахслар иш бошлади

O‘zbekiston

Uzbekistan Airports саккиз нафар ногиронлиги бўлган шахсни багаж аравалари операторлари лавозимига ишга жойлаштирди. Ушбу ташаббус имконияти чекланган инсонлар учун қулай ва мослашган муҳит яратишга қаратилган.

Тошкент аэропортида илк бор эшитиш қобилияти чекланган саккиз нафар ходим ишга қабул қилинди.

Улар Uzbekistan Airports Handling компаниясининг аэропорт хизматида багаж аравалари операторлари бўлишди. Компания матбуот хизмати хабар беришича, бу қадам ташкилотнинг ижтимоий сиёсати доирасида амалга оширилди.

Аэропортда Ўзбекистон карлар жамияти раҳбари Гўзал Шодиева ва Авиация ходимлари касаба уюшмаси раиси Улуғбек Назиров иштирокида янги ходимларни қабул қилиш маросими ўтказилди. Янги ходимларга касаба уюшма гувоҳномалари топширилди ва ишларида муваффақиятлар тиланди.

Бундан ташқари, Uzbekistan Airports олд сафда ишловчи ходимларини, жумладан йўловчиларга хизмат кўрсатиш ва маълумот бериш билан шуғулланувчи ходимларни имо-ишора тилини ўргатишни режалаштирмоқда. Компания ушбу ташаббус ногиронлиги бўлган шахслар учун янада қулай ва мослашган муҳит яратишга қаратилганини таъкидлади.

Mavzuga oid materiallar