Тошкентда инсон капиталини ривожлантириш орқали хотин-қизлар ва ёшлар салоҳиятини рўёбга чиқариш масалалари муҳокама қилинди

O‘zbekiston

Ўзбекистонда хотин-қизлар ва ёшларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш орқали демографик дивиденддан фойдаланиш бўйича халқаро конференция бўлиб ўтди. Иштирокчилар иқтисодий тараққиётнинг асосий омили сифатида ҳуқуқ ва имкониятларни кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади.

2024 йил 22 ноябрь куни Тошкент шаҳрида БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Оила ва гендер илмий-тадқиқот институти ҳамкорлигида «Интерcонтинентал» меҳмонхонасида конференция бўлиб ўтди.

Конференция иштирокчилари — халқаро ташкилотлар ва дипломатик миссиялар раҳбарлари, вазирлик ва идоралар вакиллари, шунингдек, турли мамлакатлардан экспертлар Ўзбекистоннинг демографик салоҳиятидан фойдаланиш стратегияларини муҳокама қилди.

Ўзбекистонда меҳнатга лаёқатли аҳоли сони меҳнатга лаёқатсиз аҳоли сонидан сезиларли даражада ошиб кетган демографик силжиш кузатилмоқда. Бу давр, тахминларга кўра, 2050 йилларгача давом этади.

Анжумандан кўзланган мақсад — демографик салоҳиятдан фойдаланишнинг асосий йўналишларини аниқлаш ва уларни миллий дастурларга киритиш.

Иштирокчилар иқтисодий тараққиётнинг асосий омили сифатида ёшлар ва аёлларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш муҳимлигини таъкидладилар. Шунингдек, улар инклюзив ўсишни сиёсат ва миллий ривожланиш дастурларида инновацион ёндашувлар орқали рағбатлантиришга чақирдилар.

Анжуманда ёшларни қўллаб-қувватлаш, аёллар ва кексаларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш учун имкониятлар яратиш масалалари муҳокама қилинди. Бу эса ушбу аҳоли гуруҳларига мамлакатнинг иқтисодий ўсишига тўлақонли ҳисса қўшиш имконини беради.

Сиёсатчилар, экспертлар ва манфаатдор томонлар ўртасидаги фикр алмашиш натижасида ёшлар, аёллар ва кексалар имкониятларини кенгайтириш бўйича амалий тавсиялар ишлаб чиқилди. Бу барқарор ва адолатли иқтисодий ўсишга хизмат қилади.

Ишсизлик, расмий ва норасмий бандлик ўртасидаги тафовут, меҳнат бозоридаги гендер тенгсизлиги каби муаммоларга алоҳида эътибор қаратилди. Иштирокчилар заиф гуруҳлар, айниқса аёллар, ёшлар ва кексалар дуч келаётган тўсиқлар, шунингдек, кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш стратегияларини муҳокама қилдилар.

БМТнинг Аҳолишунослик жамғармасининг Ўзбекистондаги вакили доктор Нигина Абасзаде ўзига хос демографик лаҳзадан фойдаланиш муҳимлигини таъкидлади. Унинг таъкидлашича, Ўзбекистондаги демографик силжиш мамлакатнинг барқарор ривожланишини жадаллаштириш учун ноёб имконият яратади.

Конференция демографик барқарорлик ва трендларни муҳокама қилиш учун майдонга айланди. Унда ҳукумат, хусусий сектор, илмий жамоатчилик ва фуқаролик жамияти вакиллари иштирок этди.

Тадбир демографик имкониятларни барқарор иқтисодий ўсишга айлантириш, соғлиқни сақлаш ва таълим тизимларини яхшилаш ҳамда ўсиб бораётган аҳоли эҳтиёжларига жавоб берадиган иш ўринларини яратиш бўйича аниқ тавсияларни ўз ичига олган комплекс якуний ҳужжатни ишлаб чиқиш билан якунланди.

Mavzuga oid materiallar